Senat yangiliklari
<< Bosh cahifa|
2007 yil 27 iyun
O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI OLIY MAJLISI SENATIDA

Шу йил 27 июнь куни парламент юқори палатасининг қўмиталарида Сенатнинг бўлажак ўнинчи ялпи мажлиси кун тартибига киритиш мўлжалланаётган масалаларга бағишланган мажлислар бўлиб ўтди.
Қўмиталарнинг мажлислари «Ўлим жазоси бекор қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҳамда «Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларини батафсил муҳокама қилишдан бошланди.
Муҳокама жараёнида сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида”ги 2005 йил 1 августда қабул қилинган ҳамда “Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш тўғрисида”ги 2005 йил 8 августда қабул қилинган фармонларига мувофиқ тайёрланган мазкур қонунлар жиноят, жиноят-процессуал қонун ҳужжатларини босқичма-босқич либераллаштириш ишида, шунингдек мамлакатнинг барча ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим босқич эканлигини таъкидладилар. Мазкур қонунларнинг қабул қилиниши мустақил Ўзбекистоннинг инсонпарварлик принципларига содиқ эканлигидан, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига оғишмай риоя қилинаётганлигининг яна бир тасдиғидир.
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзолари Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, маъқуллаш учун Сенатга  юборилган бошқа қонунларни ҳам муҳокама қилдилар. Булар орасида «Ўзбекистон Республикаси телекоммуникациялар тармоқларида тезкор-қидирув тадбирларини ташкил этиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам бор. Хусусан, сенаторлар Қонунда тезкор-қидирув тадбирлари тизимининг техникавий воситаларини, шунингдек уларни ишлатиш соҳасидаги хизматларни солиққа солишнинг ҳамма турларидан озод қилиш назарда тутилаётганлигига эътиборни қаратдилар. Шундан кейин улар «Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий соҳадаги айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилдилар. Мазкур Қонун қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш учун шароит яратиш, унинг очиқ-ошкоралигини ва барқарор ишлашини таъминлаш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан инвестициялар жалб этилишини кучайтириш, шунингдек акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарувни такомиллаштириш ҳамда акциядорларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилгандир. Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2006 йилдаги  фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ва Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2006 йил юзасидан  ҳисоботи тўғрисидаги масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.     
Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси мажлисида «Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатлари баъзи нормаларининг амал қилишини вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисида»ги, «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низомга, Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳам кўриб чиқилди. Ушбу қонунларнинг қабул қилиниши, мажлисда таъкидланганидек, мамлакат суд-ҳуқуқ тизимини янада эркинлаштириш ҳамда ислоҳ қилиш билан боғлиқ асосий вазифалардан бири Ўзбекистонимизда изчил бажарилаётганлигининг асосий ва салмоқли далилидир.
Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзолари жамланган мажлисда «Содиқ хизматлари учун» медалини таъсис этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам муҳокама қилинди. Сенаторлар таъсис этилаётган медалнинг Ўзбекистон фуқароларини Ватанга ва ўз халқига садоқат руҳида тарбиялашдаги катта маънавий-ахлоқий аҳамиятига алоҳида урғу бердилар.
Ташқи сиёсат масалалари қўмитасининг мажлисида Сенатнинг бўлажак ялпи мажлиси кун тартибидан жой оладиган қонунлар ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Шу билан бир қаторда парламент юқори палатасининг аъзолари қўмиталар мажлисларида жорий йилнинг ўтган давридаги ўз фаолиятлари якунларини таҳлил қилдилар, ваколатларига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.
Муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

O`zbekiston Respublikasi
Oliy Majlisi Senatining
Matbuot xizmati
©2005 Oliy Majlis Senati - Designed by Abror