Senat yangiliklari
<< Bosh cahifa|
2007 yil 29 iyun
O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI OLIY MAJLISI SENATIDA

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси тўғрисида
АХБОРОТ

2007 йил 29 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси очилди.  
Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, фаолияти Сенатнинг ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалаларга дахлдор давлат органларининг раҳбарлари ҳозир бўлдилар.
Сенаторлар ўз ишларини «Ўлим жазоси бекор қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқишдан бошладилар. Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида”ги 2005 йил 1 августда қабул қилинган Фармонини ижро этиш юзасидан тайёрланган бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ва Жиноят-ижроия кодексларига ўлим жазоси жиноий жазолар тизимидан чиқариб ташланишини ҳамда умрбод ва узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси билан алмаштирилишини таъминлайдиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади. Қонунда ана шу жазоларни тайинлаш, ижро этиш тартиби белгилаб қўйилмоқда.
Мазкур Қонуннинг сиёсий-ҳуқуқий аҳамиятини таъкидлаб, сенаторлар ўлим жазосининг бекор қилиниши Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг нормаларида назарда тутилган ҳар бир инсоннинг яшашга бўлган узвий ҳуқуқини, инсонпарварлик принципини амалга оширишни таъминлашига алоҳида урғу бердилар. Сўзга чиққан сенаторлар шуни таъкидладиларки, ўлим жазосининг бекор қилиниши суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш юзасидан Ўзбекистон Президенти И.Каримов раҳбарлиги остида изчиллик билан ўтказилаётган ислоҳотларнинг мантиқий натижасидир. Бу ечим фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражаси ошганлиги, мамлакатда тегишли ижтимоий-иқтисодий, сиёсий шароитлар яратилганлиги туфайли қарор топди.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда жиноий жазолар тизими либераллаштирилди, санкциясида ўлим жазоси назарда тутилган моддалар сони аста-секин камайтирилиб, 33 та ўрнига иккита моддага келтирилди.
Сенаторлар мазкур Қонун жаҳон амалиётидаги энг либерал ва энг мукаммал қонунлардан бири эканлигини алоҳида таъкидладилар.
Жазолар тизимида жиноятларнинг фақат икки таркиби учун, яъни жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш ва терроризм учун ўлим жазоси ўрнига умрбод ва узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилмоқда. Масалан, умрбод озодликдан маҳрум қилиш Германия ва Польша сингари мамлакатларда 5 та, Россия Федерациясида 6 та, Грузияда 11 та, Белоруссияда 14 та, Қозоғистон ва Кореяда 17 та, Францияда 18 та, Голландияда 19 та, Молдовада 24 та жиноят тури учун тайинланиши мумкин.
Бундай жазоларни аёлларга, вояга етмаганларга ва 60 ёшдан ошган эркакларга нисбатан, шунингдек тугалланмаган жиноят учун қўлланишга тақиқ белгиланмоқда. Шу билан бирга таъкидлаб ўтилдики, айрим хорижий мамлакатларда ўлим жазоси ҳатто вояга етмаган шахсларга ва аёлларга нисбатан қўлланмоқда.
Айни бир вақтда бу, сенаторлар таъкидлаганидек, ҳаётга қарши (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда одам ўлдириш) ва хавфсизликка қарши (терроризм) ўта оғир жиноят содир этган шахсларга нисбатан адолатли ва етарли даражада шафқатсиз қонундир. Умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган шахс жазонинг йигирма беш йилини, узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган шахс эса жазо муддатининг йигирма йилини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейингина афв этиш тўғрисида илтимоснома бериш ҳуқуқига эга бўлади. Уларга нисбатан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш таомили қўлланилмайди. Шундай қилиб Қонун жазонинг муқаррарлигини таъминлайди ва айни бир вақтда маҳкумларга ахлоқан тузалиш йўлига кириш ва жамиятдаги нормал ҳаётга қайтиш имкониятини беради. 
Шундан кейин сенаторлар «Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар. Қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш тўғрисида”ги 2005 йил 8 августда қабул қилинган Фармонига мувофиқ тайёрланган.
Сенаторлар Қонуннинг алоҳида аҳамиятини таъкидлар эканлар, унинг дастлабки моддаларидаёқ Конституциянинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган қоидаларига мувофиқ “ҳеч ким суд қарорига асосланмай ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас” деб белгилаб қўйилганлигига эътиборни қаратдилар.
Қонунда қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашнинг процессуал суд тартиби белгиланиб, бу эҳтиёт чораси қайси фавқулодда ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда қўлланилиши аниқлаштириб қўйилмоқда.
Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги суд қарорлари устидан шикоят бериш ва протест келтириш тартиби белгилаб берилмоқда.
Қамоқда сақлаш муддатини узайтириш юзасидан Республика Бош прокурорига қадар бўлган тегишли прокурор жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига илтимоснома киритган пайтда ушбу масалани ҳал этишнинг процессуал суд тартиби жорий этилмоқда.
Юқорида айтиб ўтилган қонунларга киритилган ана шу ва бошқа ўзгартиш ҳамда қўшимчалар, сенаторларнинг фикрича, суд ҳокимияти обрў-эътиборини, шунингдек шахсларни қамоқда сақлаш масаласини ҳал этишда прокурор ва тергов органлари жавобгарлигини, шунингдек суд тартибида ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш имконини беради. Қонун нормалари умум эътироф этилган демократик принциплар ва халқаро ҳуқуқ нормалари талабларига тўлиқ жавоб беради.   
Сўнгра сенаторлар «Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатлари баъзи нормаларининг амал қилишини вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.
Қонун 2002 йил 12 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг ҳамда 2003 йил 29 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарлари Қонунчилик палатаси қўмиталари таркибига сайланиши мумкин эмаслиги, фракциялар ёки депутатлар гуруҳлари таркибига киришга ҳақли эмаслиги ҳақидаги, улар ўз вазифаларини бажариш даврида сиёсий партияларга аъзоликни тўхтатиб туриши тўғрисидаги айрим нормаларининг амал қилишини тўхтатиб туради. Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши Қонунчилик палатасига “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конституциявий Қонуннинг сиёсий партияларнинг фракциялари раҳбарлари Спикер ўринбосарлари этиб сайланишини назарда тутувчи нормаларини яқин вақт ичида амалга ошириш ва шу зайил ўз ишларининг самарадорлигини ошириш имконини беради.
Сенат бошқа бир қанча қонунларни, шу жумладан лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Қонунчилик палатасига киритилган «Содиқ хизматлари учун» медалини таъсис этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини маъқуллади.
Мазкур Қонунда «Содиқ хизматлари учун» медали билан юксак касбий маҳоратини, ҳарбий ва ватанпарварлик бурчига садоқатини намоён этган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мамлакатнинг мудофаа қобилияти ҳамда миллий хавфсизлигини мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларнинг жанговар шайлигини ошириш ва Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш ишидаги катта хизматлари учун мукофотланиши назарда тутилмоқда.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўнинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни тугади.

O`zbekiston Respublikasi
Oliy Majlisi Senatining
Matbuot xizmati
©2005 Oliy Majlis Senati - Designed by Abror