Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси тўғрисида
АХБОРОТ
2007 йил 30 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.
Парламент юқори палатаси аъзолари ялпи мажлиснинг иккинчи иш кунини «Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий соҳадаги айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқишдан бошладилар.
Сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, мазкур Қонуннинг лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2006 йил 27 сентябрда қабул қилинган Қарорининг 7-бандини ижро этиш юзасидан ишлаб чиқилган. Ушбу Қонун билан “Қимматли қоғозлар ва фонд биржаси тўғрисида”ги, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Хўжалик ширкатлари тўғрисида”ги ҳамда “Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш учун шароит яратиш, унинг очиқ-ошкоралигини ва барқарор ишлашини таъминлаш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан инвестициялар жалб этилишини кучайтириш, шунингдек акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарувни такомиллаштириш ҳамда акциядорларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида киритилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг таркибига ўзгартишлар киритиш масаласини ҳам кўриб чиқиб, унинг юзасидан тегишли қарор қабул қилдилар.
Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2006 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2006 йил юзасидан ҳисоботини тингладилар ва маъқулладилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартишлар киритиш ҳақидаги масала ва Сенат ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам сенаторлар томонидан кўриб чиқилди. Кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Парламент юқори палатасининг ўнинчи ялпи мажлисида ҳаммаси бўлиб 14 та масала кўриб чиқилди, улар юзасидан бўлган музокараларда қарийб 50 нафар сенатор сўзга чиқди.
Сенат томонидан кўриб чиқилган ҳамда маъқулланган барча қонунлар жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакат ҳаётининг ҳамма соҳаларини ислоҳ қилиш вазифаларини изчиллик билан бажаришда муҳим аҳамиятга эга.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси ўз ишини тамомлади. |