Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси тўғрисида
АХБОРОТ
2007 йил 29 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси очилди.
Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, фаолияти Сенатнинг ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалаларга дахлдор давлат органларининг раҳбарлари ҳозир бўлдилар.
Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси И.Собиров олиб борди.
Сенаторлар ўз ишларини Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов томонидан Қонунчилик палатасига лойиҳалари киритилган «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунини ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига (89-моддасига, 93-моддасининг 15-бандига, 102-моддасининг иккинчи қисмига) тузатишлар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини, шунингдек «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқишдан бошладилар.
Шу нарса алоҳида таъкидландики, мазкур ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш зарурияти, мамлакатимизнинг давлат ва ижтимоий турмушида сиёсий партияларнинг роли ҳамда ўрнини кучайтиришга қаратилган азму қарор тақозоси эди.
Ана шу қонунлар лойиҳа тарзида кенг кўламдаги умумхалқ муҳокамасидан ўтди. Мамлакатимизнинг турли минтақаларида фақатгина сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари иштирокида 300 дан ортиқ конференция, семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди. Уларда, мазкур қонунлар сиёсий партияларга ижтимоий-сиёсий жараёнларга таъсир ўтказиш, давлат бошқарувини янгилашда, мамлакатни янада демократлаштиришда фаол тарзда иштирок этиш учун улкан имкониятлар яратиб беради, деб таъкидланди.
Қонун лойиҳалари кенг доирадаги чет эллик баобрў экспертлар, сиёсатшунослар, олимлар ва журналистларда катта қизғиш уйғотди, улар бу қонунлар умум эътироф этилган халқаро-ҳуқуқ нормаларига батамом жавоб беришини ҳамда Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни янги босқичга кўтариш имконини беришини таъкидлаб ўтдилар.
Сенат мажлисида сўзга чиққанлар томонидан шу нарса таъкидландики, мазкур қонунлар ҳокимият вакиллик ҳамда ижро этувчи тармоқлари органларини шакллантиришда сиёсий партиялар ва ҳаракатларнинг амалий иштирокини, ўзаро бир-бирини тийиш ва мувозанатни сақлаш тизими чинакамига фаолият кўрсатишини, парламент фаолияти янада демократлашиб боришини таъминловчи самарали ҳуқуқий механизмларни яратади ҳамда аҳолининг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти даражаси ошишига кўмак беради.
Юқорида айтиб ўтилган қонунларнинг қабул қилиниши ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг давоми, мамлакатнинг давлат-ҳуқуқий ва сиёсий тизимини босқичма-босқич тадрижий ривожлантиришнинг натижаси, кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари ташланган муҳим қадам бўлиб қолади, бутун сиёсий тизимга, давлат қурилиши тизимига, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар, мамлакатни демократик жиҳатдан янгилаш жараёнларига чуқур таъсир ўтказади. Сенаторлар ушбу қонунларни маъқулладилар.
Шундан сўнг «Ипотека тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун кўриб чиқилди. Сенаторлар бу ҳуқуқий ҳужжатнинг аҳамиятига урғу берар эканлар, киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар асосида Фуқаролик кодекси гаровга олувчининг талабини гаровга қўйилган кўчмас мол-мулк ҳисобидан судга мурожаат қилмасдан қаноатлантиришга асосланган янги тартиб билан кенгаяётганлигини таъкидладилар. «Гаров тўғрисида»ги ҳамда «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонунларга киритилаётган ўзгартишларда ипотекали кредитлаш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиларининг манфаатларини ҳимоя қилиш ва таъмин этиш мужассам топган. Ипотека соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларнинг такомиллаштирилиши эса аҳолига уй-жой олиши учун узоқ муддатли мақбул кредитлар бериш кўламларини кенгайтириш имкониятларини яратишга қаратилган бўлиб, у бир қанча ижтимоий-иқтисодий вазифалар ечим топишига олиб келади, энг аввало уй-жой шароитини яхшилашнинг амалий омилларини таъминлаш йўли билан фуқароларнинг турмуш даражасини оширади.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартибини жорий этиш тўғрисида»ги 2006 йил 24 майда қабул қилинган Қарорини бажариш юзасидан тайёрланган «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2411-моддасига ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 44-моддасига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Қонунни ҳам кўриб чиқдилар.
Мазкур Қонун тадбиркорлик фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга қаратилганлиги айтиб ўтилди. Жумладан, унда тадбиркорлик фаолияти субъектини давлат рўйхатидан ўтказишнинг белгиланган тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши, шунингдек давлат рўйхатига олишнинг хабардор қилиш тартиби асосий принципларини қонунчилик даражасида жорий этиш назарда тутилган. Қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорлик фаолияти субъектларини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш учун қўшимча шароитлар яратади.
«Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 49-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги Қонун ҳам сенаторлар томонидан кўриб чиқилди. Бунда Оила кодекси 49-моддасининг янги таҳрири никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ ишларни судларда ҳал қилиш жараёнига ижобий таъсир кўрсатади дея қайд этилди. Оила қуришнинг мана шу ва бошқа нозик жиҳатларини ҳисобга олиб, шунингдек амалдаги қонун ҳужжатларидаги зиддиятларни бартараф этиш мақсадида мазкур ҳуқуқий ҳужжатга киритилаётган ўзгартишлар никоҳланувчи шахслардан бири ўзида таносил касаллиги ёки одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ касаллиги) борлигини иккинчисидан яширганлиги суд томонидан никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилиши учун асос бўлишини аниқлаштириб қўймоқда. Қонун оилани мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2006 йил 28 февралда қабул қилинган Қарорини бажариш тақозоси билан шакл топган «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Қонун кўрилаётганда унинг йўловчилар ташиш хавфсизлигини янада пухтароқ таъминлашга ҳамда Ўзбекистон Республикасида автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини бериш, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуннинг баъзи моддаларига киритилаётган ўзгартишлар бу соҳадаги ҳуқуқий муносабатлар янада мукаммаллик касб этишига ёрдам беради.
Шундан кейин сенаторлар «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, шунингдек «Бюджет тизими тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунларни кўриб чиқдилар. Уларнинг биринчиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2006 йил 7 сентябрда қабул қилинган Қарорини бажариш юзасидан тайёрланганлиги қайд этиб ўтилди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ўзи ўтказган текширишлар натижалари бўйича чиқарган кўрсатмаларни бажаришдан бош тортганлик ёки ўз вақтида бажармаганлик учун жавобгарлик чорасини назарда тутувчи 2152-модда билан тўлдирилди. Иккинчи қонундаги аниқлаштириш хусусиятига эга бўлган ўзгартиш ва қўшимчаларда Ҳисоб палатасининг Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари оқилона фойдаланилиши устидан молиявий назоратни таъминловчи юқори орган сифатидаги фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштиришга, барча даражадаги бюджетларни шакллантириш, кўриб чиқиш ҳамда қабул қилишда мазкур палатанинг ролини оширишга доир ҳуқуқий чоралар ҳам назарда тутилмоқда.
Юқори палата аъзолари шундан кейин «Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида»ги Қонунни кўриб чиқдилар. Сўзга чиққанлар ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йод етишмаслигига барҳам бериш ҳамда йод етишмаслиги касалликлари келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида қабул қилинганлигини айтиб ўтдилар. Қонунда йод етишмаслиги касалликларининг ҳам оммавий тарздаги, ҳам якка тартибдаги профилактикасини тузни ва озиқ-овқат маҳсулотларини йодлаш, дори воситаларидан фойдаланиш йўли билан амалга ошириш назарда тутилмоқда. Бундан ташқари Қонунда йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ҳамда хавфсизлиги устидан давлат назорати, йод етишмаслиги касалликлари билан хасталаниш ҳолати ва бундай касалликлар профилактикасига доир чораларнинг самарадорлиги устидан назорат ҳамда мониторинг олиб борилиши белгиланмоқда.
Сўнгра Олий Мажлис юқори палатаси аъзолари «Ҳомийлик тўғрисида»ги Қонунни кўриб чиқдилар. Шу аснода таъкидландики, мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳомийлар ва шифокорлар йили» дастури тўғрисида»ги 2006 йил 23 январда қабул қилинган Қарорига мувофиқ тайёрланган бўлиб, ҳомийлик фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш асосларини белгилашга қаратилгандир. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатда ҳомийликни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қўллаб-қувватлаш шакллари, мамлакатимиз ҳудудида ҳомийлик фаолиятини кенг оммалаштириш ва ривожлантиришни кўзлаб ҳомийлик ташкилотларини ташкил этиш ҳамда фаолиятини йўлга қўйиш хусусиятлари белгилаб берилмоқда. Қонун ҳомийлик фаолияти тизими ривожини таъминловчи зарур ташкилий-ҳуқуқий шароитлар, иқтисодий ва молиявий механизмлар яратади. Бу эса Ўзбекистон халқининг табиатига хос меҳр ва раҳм-шафқат, мурувват, муҳтожларга ҳамиша ёрдам қўлини чўзиш сингари миллий фазилатлар кенг намоён бўлиши йўлида янгидан янги имкониятлар очади.
Шундан кейин «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Қонун кўриб чиқилди. Сенаторлар ўз сўзларида бу Қонун рангли металлар, уларнинг парча ва резги-чиқитларини тайёрлаш, олиш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни ўтказиш қоидаларини бузганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарликни кучайтиришга қаратилганлигини таъкидладилар. Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши рангли металлар, уларнинг парча ва резги-чиқитларини мамлакатимиз сарҳадларидан ташқарига ғайриқонуний тарзда олиб чиқиш йўлидаги кўплаб уринишларнинг пайини қирқиш, рангли металлар, уларнинг парча ва резги-чиқитларини йиғиш, тайёрлаш, қайта ишлашнинг белгиланган тартибига риоя этилишини таъминлаши лозим бўлган мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини ошириш йўли билан бу соҳада қонунийликни реал тарзда мустаҳкамлашга ёрдам беради.
«Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни айрим моддаларининг амал қилишини вақтинча тўхтатиб туриш ҳақида»ги Қонун ҳам Олий Мажлис юқори палатаси аъзолари томонидан кўриб чиқилди. Шунга алоҳида урғу бериб айтилдики, бу Қонун аҳолининг ва хўжалик юритувчи субъектларнинг банк тизимига бўлган ишончини янада ошириш ҳамда мазкур тизимда юридик ва жисмоний шахсларнинг депозит ҳисобварақларидаги омонатлари ҳажми барқарор ўсишини таъминлаш, ресурс базасини мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинган.
Кўриб чиқилган қонунлар Сенат томонидан маъқулланди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тўққизинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни тугади. |