Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўн тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидланганидек, “...юртимизда ҳар томонлама мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга бўлган ишончли ижтимоий ҳимоя тизими шаклланди ва у амалда ўзини оқламоқда. Аммо бундай ўта муҳим йўналишда эришилган ютуқларни қайд этган ҳолда, ҳали ечилмаган масалалар, бартараф этиш зарур бўлган кўпгина муаммолар борлигини ҳам тан олишимиз лозим. Бу борада биринчи навбатда олиб бораётган сиёсатимизнинг ҳуқуқий асосларини ва қонуний нормаларини янада такомиллаштириш устида ишлашни ҳаётимизнинг ўзи тақозо этмоқда”.
Мамлакатимизда 2007 йил “Ижтимоий ҳимоя йили” деб эълон қилинганлиги ҳамда 2007 йил 23 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ижтимоий ҳимоя йили” Давлат дастури тўғрисида”ги ПҚ–573-сонли Қарори қабул қилинганлиги ҳам давлатимиз бошлиғи томонидан илгари сурилган вазифаларнинг бағоят долзарблиги ва алоҳида аҳамиятга молик эканлигини кўрсатади.
Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан биргаликда ташкил этган давра суҳбати “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масалалари” деган мавзуга бағишланди. Тадбирда фуқаролар давлат пенсия таъминотининг мавжуд ҳуқуқий базасини янада такомил топтириш масалалари атрофлича муҳокама этилди, мамлакатимизда фуқароларнинг ижтимоий таъминот олишга бўлган конституциявий ҳуқуқлари “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ равишда амалга оширилаётганлиги айтиб ўтилди. Мазкур Қонунда давлат пенсияларининг ёшга доир пенсия, ногиронлик пенсияси ва боқувчисини йўқотганлик пенсияси сингари турлари белгиланган.
Иқтисодий ислоҳотлар муваффақиятли тарзда амалга оширилаётганлиги натижасида бизда Давлат бюджетининг аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишга, шу жумладан пенсиялар тўлашга йўлланаётган харажатлар ҳажми йил сайин ортиб бормоқда. Бундан ташқари ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни аниқ йўналтирилган тарзда ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларга ижтимоий хизмат кўрсатиш юзасидан ҳукумат ҳар йили махсус қарорлар қабул қилмоқда.
Давра суҳбати иштирокчилари ўз нутқларида давлат пенсия таъминотининг ҳуқуқий асосларини, “Ижтимоий ҳимоя йили” Давлат дастурини бажаришнинг долзарб вазифаларини, юқорида зикр этилган Қонунни янада такомиллаштириш масалаларини таҳлил этишга, шунингдек ижтимоий ҳимоя ҳуқуқини илмий жиҳатдан ривожлантиришга муфассал тўхталдилар.
Шу билан бирга тадбир иштирокчилари жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ва модернизациялаш вазифаларини инобатга олган ҳолда давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг айрим нормаларини такомиллаштириш зарурлигига эътиборни қаратдилар, бу борада жўяли фикр-мулоҳаза ва аниқ таклифлар билдирдилар.
Фикр алмашув якунлари асосида иштирокчилар “Ижтимоий ҳимоя йили” Давлат дастурида назарда тутилган вазифаларни ҳал этиш самарадорлигини оширишга бевосита қаратилган тегишли тавсиялар ишлаб чиқдилар.
Давра суҳбати ишида сенаторлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Олий суди, Олий хўжалик суди, Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳудудий таркибий бўлинмаларининг, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларининг раҳбарлари иштирок этдилар.
|