Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2006 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига бағишлаб Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган мажлисдаги маърузасида таъкидланганидек, “бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, иқтисодиётни эркинлаштириш ва мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишни мустаҳкамлашга қаратилган чораларнинг амалга оширилиши мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаш ҳамда ҳажми тобора ортиб бораётган хорижий сармояларни жалб қилишга ижобий таъсир кўрсатди”. Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз иқтисодиётига чет эл инвестицияларининг жалб этилиши хорижий шериклар билан ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, янги замонавий техника ва технологияларни ўзлаштириш, маҳсулотларимизнинг юксак сифатини таъминлаш ҳамда жаҳон бозорида иқтисодиётимизнинг рақобатбардошлигини ошириш имконини бераётганлигини ҳам айтиб ўтди. Айни ана шулардан келиб чиқиб, хорижий инвестицияларни, биринчи галда тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш ишларини ҳар томонлама кучайтириш вазифаси иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг келгуси даврга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида илгари сурилди.
Инвестицияларнинг хориждан келиши оқимини рағбатлантириш соҳасидаги миллий қонун ҳужжатлари ҳамда норматив-ҳуқуқий базани янада ривожлантириш масалаларига бағишлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида 2007 йил 30 май куни “Инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ташқи иқтисодий алоқаларни такомиллаштириш масалалари” мавзусида конференция бўлиб ўтди. Тадбир Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси томонидан Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан биргаликда ташкил этилди.
Ўзаро фикр алмашув ва муҳокамалар асносида шу нарса таъкидландики, иқтисодий ислоҳотлар изчиллик билан ўтказиб келинаётганлиги, яратилган қулай имтиёз ва преференциялар тизими туфайли мамлакатимизда 2006 йил ҳолатига кўра 20 миллиард АҚШ долларидан зиёд миқдорда хорижий инвестиция жалб этилган, тўғридан-тўғри жалб қилинган хорижий инвестициялар эса 2000–2006 йиллар мобайнидагина 9,3 баравар кўпайган ва эндиликда 2,5 миллиард долларни ташкил этмоқда. Хорижий инвестициялар Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётида таркибий ўзгартишлар ўтказиш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, экспорт ҳажмини оширишга имкон яратаётганлиги ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди. Тўғридан-тўғри инвестициялар оқими кенгайиб ва ортиб бораётганлиги мамлакатимизда амалга оширилаётган кўламдор демократик ва бозор ислоҳотларининг тўғрилиги ҳамда самарадорлиги чет эллик шериклар томонидан яна бир эътироф этилганлигининг ўзига хос далолатидир.
Иштирокчилар мамлакат иқтисодиётига хориждан сармояларни, энг аввало тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни янада кенгроқ жалб этиш билан боғлиқ ишларни кучайтириш зарур эканлигини айтиб ўтдилар. Муҳокама якунлари асосида чет эл инвестицияларини жалб этиш соҳасидаги миллий қонун ҳужжатларини янада ривожлантиришга қаратилган тегишли тавсиялар ишлаб чиқилади.
Конференция ишида сенаторлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари, олимлар ва мутахассислар, бир қанча вазирлик ва идораларнинг, дипломатик корпуснинг, халқаро молия институтларининг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.
|