Senat yangiliklari |
|---|
| 2007 yil 26 sentyabr |
|---|
|
АЛИШЕР НАВОИЙ НОМЛИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ КУТУБХОНАСИДА |
|---|
|
КУТУБХОНАНИНГ ЖАМИЯТ ХАЁТИДАГИ ЎРНИ Кутубхоналар жамият ҳаётида, шу жумладан миллий маънавий-ахлоқий қадриятларни кенг тарғиб этишда, халқимизнинг маданий-тарихий меросидан эркин фойдаланилишини таъминлашда, шахснинг маънавий бой ва уйғун камол топиши учун имкониятлар яратиб беришда бебаҳо аҳамиятга эга. “Жамият ҳаётида, ёшларни тарбиялаш ва уларга маънавий-ахлоқий қадриятларни сингдиришда кутубхоналарнинг роли” мавзусида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси Алишер Навоий номли Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан биргаликда ташкил этган давра суҳбати мазкур зиё масканида 2007 йил 26 сентябрда ўтказилди. Давра суҳбати иштирокчилари томонидан таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 20 июнда қабул қилинган “Республика аҳолисини ахборот-кутубхона билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисида”ги Қарорини ижро этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги кутубхоналари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, мазкур вазирликнинг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Халқ таълими вазирлиги ихтиёрига ўтказилди. Кутубхона тармоғини ўсиб келаётган авлоднинг интеллектуал талаб-эҳтиёжларини қаноатлантиришга йўналтирилган замонавий талабларни инобатга олган ҳолда ташкил этишни такомиллаштириш, маданий, маънавий-маърифий қадриятларни сақлаш, шунингдек аҳолини янада кенгроқ ва тизимли ахборот билан таъминлаш учун зарур шароитлар яратиш мақсадида олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ҳамда умумтаълим мактаблари ҳузурида ахборот-ресурс марказлари тузилди. Аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни сифат жиҳатидан янги даражага кўтаришни таъминлаш, маданий, таълим, ахборот йўналишидаги ҳамда бошқа дастур ва лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш борасида таълим муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, миллий маданият марказлари билан ҳамкорликни ривожлантиришни кўзлаб Республика ахборот-кутубхона тизими фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгаш тузилди. Тадбир қатнашчилари ўзаро фикр алмашар эканлар, бугунги кунда олий ва ўрта махсус ўқув юртлари ҳамда умумтаълим мактаблари ҳузурида ташкил этилган ва муваффақиятли ишлаб турган 1187 та ахборот-ресурс марказлари ўзбек, қорақалпоқ, рус ва бошқа тиллардаги 15 миллион нусхадан ортиқ дарслик, ўқув-услубий, бадиий, техникавий ва маълумотнома йўсинидаги китоби бўлган 15276 та кутубхонани бирлаштирганлигини қайд этдилар. Бу марказларнинг 13 миллионга яқин китобхони бор. Барча кутубхоналарда китоб фондларини замонавий талабларни инобатга олган ҳолда қайта рўйхатга олиш ва экспертизадан ўтказиш, кадрларни аттестациялаш, ахборот ресурслари ва кутубхона марказларини компьютерлаштириш ишлари тугалланди, электрон кутубхоналар тизимини барпо этиш ва ривожлантириш, кутубхона-ахборот ресурсларини тизимлаштириш, шунингдек кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш юзасидан собитқадамлик билан иш олиб борилмоқда. Анжуман иштирокчилари амалга оширилган ишлар натижасида китобхонларга анъанавий кутубхона хизмати кўрсатишдан ўз универсал ахборот ресурсларини яратиш, жаҳон илмий ва таълим ҳамда ахборот ресурсларидан фойдаланиш имкониятини бериш йўли билан ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишга ўтиш, шунингдек миллий ва хорижий нашрлар, аудиовизуал, электрон ва шу сингари нашрлар фондларини шакллантириш таъмин этилаётир деган якдил фикр билдирдилар. Буларнинг ҳаммаси кутубхоналарнинг жамиятни маданий равнақ топтиришдаги, халқимизнинг бой тарихий ва маданий меросини ўрганиш ҳамда асрашдаги, ўқувчи ёшларга маънавий-ахлоқий қадриятларни сингдириш имкониятларини кенгайтириш ҳамда уларнинг интеллектуал талаб-эҳтиёжларини янада тўлароқ қаноатлантиришдаги роли ва аҳамиятини ошириш юзасидан давлатимиз кўрсатаётган улкан ғамхўрликдан яққол далолат беради. Давра суҳбати якунлари асосида тадбир иштирокчилари тегишли тавсиялар қабул қилдилар. Тадбирда сенаторлар, Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар маркази, Алишер Навоий номли Ўзбекистон Миллий кутубхонаси вакиллари, таълим муассасаларининг олим ва мутахассислари, шунингдек оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар. |
|---|
|
(ЎзА). |
|---|
©2005 Oliy Majlis Senati - Designed by Abror |
|---|