Senat yangiliklari
<< Bosh cahifa|
2007 yil 26 sentyabr
O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI OLIY MAJLISI SENATIDA

ҚОНУНЧИЛИК ВА ИЖТИМОИЙ ХИМОЯ

 2007 йил 26 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан “Инсон манфаатларини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш – устувор вазифа” мавзусида семинар ўтказилди, унда ижтимоий муҳофаза қилиш тизимининг мавжуд ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш масалалари  атрофлича муҳокама этилди.

Семинарда таъкидланганидек, мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлабоқ аҳолининг даромадлари даражаси ва фаровонлигини изчиллик ҳамда собитқадамлик билан оширишга, унинг эҳтиёжманд қатламлари, хусусан пенсионерлар, ногиронлар, ёлғиз кексалар, кам таъминланган оилаларни аниқ йўналтирилган тарзда ижтимоий муҳофаза қилишни таъминлашга қаратилган кучли ижтимоий сиёсат ўтказиб келинмоқда.

Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий муҳофаза қилиш юзасидан “Ижтимоий ҳимоя йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли тадбирлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ва мустаҳкамлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2007 йил 19 мартда ҳамда “Пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2007 йил 17 сентябрда қабул қилинган фармонлари давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган вазифаларнинг бағоят муҳимлиги ва алоҳида аҳамиятга эга эканлигини кўрсатиб турибди.

Семинар иштирокчилари иқтисодиётни ислоҳ этишнинг ҳар бир босқичида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш давлат томонидан устувор йўналиш сифатида белгиланаётганлигига алоҳида эътибор қаратдилар. Ўзбекистонда 1997 йилдан бошлаб ҳар бир йил муайян ижтимоий масалани ҳал этиш мақсадида маълум йўналишга бағишланмоқда. Ижтимоий ҳимоянинг қонунчилик базаси ва механизмлари мунтазам равишда такомиллаштирилмоқда. Аҳолининг ижтимоий ҳимоясига йўлланаётган давлат бюджети харажатлари ҳажми йил сайин кўпайиб бормоқда. Ёлғиз фуқаролар, пенсионерлар ва ногиронларни аниқ йўналтирилган тарзда ижтимоий ҳимоя этиш ҳамда ижтимоий хизмат кўрсатиш юзасидан ҳукумат ҳар йили махсус қарорлар қабул қилмоқда.

Жорий йилда давлат бюджетининг аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган умумий харажатлар 54,3 фоизни, кам таъминланган оилаларга, шу жумладан ёш болали оилаларга бериладиган ижтимоий нафақалар учун харажатлар миқдори бюджетда етти фоизни ташкил этади. Давлат ижтимоий сиёсати амалга оширилиши натижасида эҳтиёжманд оилалар ва одамларга ёрдам кўрсатишга табақалаштирилган тарзда ёндашув кучаймоқда, аҳолининг ижтимоий муҳтож қатламлари ҳар бир тоифасидаги мавжуд қийинчилик ва муаммолар ўрганиб борилмоқда ҳамда уларнинг талаб-эҳтиёжлари имкон қадар қаноатлантирилмоқда.

Семинарда аҳолига ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва ижтимоий адолатни мустаҳкамлашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, айниқса маҳаллалар катта иш олиб бораётганлиги ҳам айтиб ўтилди.

Масалани муҳокама этиш асносида семинар иштирокчилари аҳолининг ижтимоий ҳимояга биринчи галда муҳтож тоифаларини – кўп болали ва кам таъминланган оилаларни, ёлғиз кексалар, етим-есир ва ногиронларни, студентлар ва пенсионерларни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга молик вазифа бўлиб қолаётганлигини қайд этдилар. Жамиятда эзгулик, меҳр-мурувват ва ўзаро хайрихоҳликни, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш шунга боғлиқдир. Тадбир иштирокчилари ўзаро фикр алмашдилар, ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлигини янада оширишга, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давр талабларини инобатга олган ҳолда такомиллаштиришга қаратилган бир қанча таклифлар билдирдилар.

Семинар ишида сенаторлар, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Адлия, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ногиронлар жамияти, “Маҳалла” жамғармаси, шунингдек бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат бирлашмалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.  

(ЎзА).

©2005 Oliy Majlis Senati - Designed by Abror