Senat yangiliklari |
|---|
| 2007 yil 28 sentyabr |
|---|
| O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI OLIY MAJLISI SENATIDA |
|---|
|
2007 йил 28 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси мажлисида “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг шаҳарча, қишлоқ ва овуллар фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) томонидан айрим фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш ҳамда нотариал ҳаракатларни амалга оширишга доир қисми ижро этилиши масаласи кўриб чиқилди. Мажлисда Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига мувофиқ шаҳар ва туманларда фуқаролик ҳолати далолатномалари ваколатли адлия органлари, яъни фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари (ФҲДЁ) томонидан қайд этилиши айтиб ўтилди. Шу билан бирга “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддаси ҳамда “Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 25-моддасига мувофиқ шаҳарча, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғинларининг раислари (оқсоқоллари) ҳам фуқаролик ҳолати далолатномаларини рўйхатга олишни белгиланган тартибда бажаришлари мумкин, аҳоли пунктида нотариус бўлмаган ҳолларда эса улар қонунга мувофиқ васиятномалар, ишончномаларни (автотранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш учун бериладиган ишончномалардан ташқари) тасдиқлайдилар, мерос мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўрадилар, ҳужжатларнинг нусхалари ва улардан кўчирмалар тўғрилигини шаҳодатлайдилар (маълумот тўғрисидаги ҳужжатларнинг нусхалари бундан мустасно), ҳужжатлардаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлайдилар, шунингдек бошқа нотариал ҳаракатларни ҳам амалга оширишлари мумкин. Қонун ҳужжатларида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш соҳасидаги ҳаракатлари ушбу органлар жойлашган ҳудуддаги тегишли ФҲДЁ бўлимлари томонидан назорат қилиниши ҳам белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2006 йил 25 декабрдаги Қарори билан тасдиқланган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштиришга доир 2007–2008 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурига мувофиқ Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ишчи гуруҳи томонидан Адлия вазирлиги, Республика “Маҳалла” жамғармаси ва “Оила” илмий-амалий маркази билан биргаликда ушбу масалани ўрганиб чиқиш шуни кўрсатдики, агар 2006 йилда мамлакатда ФҲДЁ бўлимлари томонидан 561391 та туғилиш далолатномаси қайд этилган, 208423 та никоҳ тузилган, 140040 та ўлим ҳақида гувоҳнома берилган бўлса, шу давр ичида шаҳарча, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғинлари томонидан 7010 та фуқаролик ҳолати (туғилиш, никоҳ тузиш, ўлим) далолатномалари қайд этилган ва тўрт мингта нотариал ҳаракат амалга оширилган. Шаҳарча, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғинларининг кўпчилиги ҳозирги кунда фуқаролик ҳолати далолатномаларини рўйхатга олиш ва нотариал ҳаракатларни амалга ошириш соҳасидаги қонуний ваколатларидан тўлиқ фойдаланмаётганлиги, айрим фуқаролар йиғинларининг бу соҳадаги фаолиятида бирмунча қийинчиликлар мавжудлиги ҳам Қўмита мажлисида кўрсатиб ўтилди. Фуқаролар йиғинларининг раислари (оқсоқоллари) етарли юридик билимга эга эмаслиги ва малакали мутахассислар етишмаслиги туфайли фуқаролик ҳолати далолатномаларини рўйхатга олиш чоғида гербли гувоҳномаларни тўлдиришда, шу жумладан рус ва инглиз тилларида тўлдиришда, шунингдек бундай далолатномалар ҳисобини юритиш, уларни сақлаш, топшириш ҳамда улардан фойдаланишда баъзи хато ва камчиликларга йўл қўйилмоқда. Шу муносабат билан сенаторлар қонун нормалари амалиётда бир хил қўлланилишини таъминлаш муҳимлигини, шунингдек шаҳарча, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғинлари раисларининг (оқсоқолларининг) қонун ҳужжатларига мувофиқ равишда фуқаролик ҳолати далолатномаларини рўйхатга олиши ва нотариал ҳаракатларни амалга ошириши устидан адлия органларининг назоратини кучайтириш, бунда фуқаролар йиғинлари, аҳоли пунктлари жойлашувини ва кадрлар салоҳияти мавжудлигини ҳисобга олиш зарурлигини таъкидладилар. Масалани муҳокама қилиш жараёнида сенаторлар фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг норматив-ҳуқуқий базасини ҳамда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг шаҳарча, қишлоқ ва овуллар фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) томонидан айрим фуқаролик ҳолати далолатномаларини рўйхатга олиш ҳамда нотариал ҳаракатларни амалга оширишга доир қисмини бир хилда ижро этиш механизмларини янада такомиллаштириш юзасидан қатор таклифлар билдирдилар. Мажлис иштирокчилари муҳокама якунлари асосида тегишли қарор қабул қилдилар. Қўмита мажлисида сенаторлар ва Олий Мажлис депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Бош прокуратураси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси, “Маҳалла” жамғармаси, “Оила” илмий-амалий маркази, Фуқаролик жамиятини ўрганиш институти, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. |
|---|
|
O`zbekiston Respublikasi
Oliy Majlisi Senatining Matbuot xizmati
15. 28.09.07.
Пресс-релиз |
|---|
©2005 Oliy Majlis Senati - Designed by Abror |
|---|