Senat yangiliklari
<< Bosh cahifa|
2007 yil 29 sentyabr
O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI OLIY MAJLISI SENATIDA

2007 йил 29 сентябрь куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг сайёр мажлиси бўлиб ўтди, унда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштиришга доир 2007–2008 йилларга мўлжалланган ҳаракат дастурининг ижроси тўғрисидаги масала муҳокама этилди.

Шу нарса қайд этиб ўтилдики, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2006 йил 25 декабрдаги 284–I-сонли Қарори билан тасдиқланган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштиришга доир 2007–2008 йилларга мўлжалланган ҳаракат дастурини бажариш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри давлат ҳокимияти органлари томонидан тегишли тадбирлар режалари қабул қилинган ва улар изчиллик билан амалга ошириб келинмоқда. Аҳоли ўртасида Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, мамлакат Президенти фармонлари ва қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси  қарорларининг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятини тушунтириш юзасидан маърифий ишлар олиб борилмоқда. Бунда тинчлик, мустақиллик, миллатлараро ва динлараро бағрикенглик ғояларини тарғиб қилишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Корхона ва ташкилотларнинг жамоалари, фермерлар, ўқувчи ёшлар ҳамда шаҳарча, қишлоқ, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларининг фаоллари билан сенаторлар ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг ҳамма ерда бўлиб ўтган учрашувларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси ва Президент Девонининг истиқлолимизнинг 16 йиллигига бағишлаб 30 августда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги маърузасидан келиб чиқадиган қоида ва хулосалар тушунтирилди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштиришга доир 2007–2008 йилларга мўлжалланган ҳаракат дастурини ижро этиш асносида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига амалий ёрдам кўрсатганликлари Кенгаш мажлисида алоҳида қайд этилди. Хусусан, фуқаролар йиғинлари раисларининг (оқсоқолларининг) ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида амалий машғулотлар ҳамда семинарлар ўтказилди. Туман ва шаҳар ҳокимликлари кўмагида фуқаролар йиғинларида корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва ободонлаштириш муаммолари юзасидан ҳисоботлари тингланди. Мажбурий коммунал тўловлар тўланишини таъминлаш, иссиқлик ва электр энергиясидан, иссиқ ва совуқ сувдан, табиий газдан тежамкорлик билан фойдаланилишига эришиш борасида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари билан ҳамкорлиги йўлга қўйилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳрида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мўлжаллаб бинолар қуришга киришилди, маҳалла қўмиталарини ташкилий-техника ҳамда тегишли адабиётлар билан таъминлаш, “Маънавият ва маърифат” хоналарини жиҳозлаш юзасидан зарур чоралар кўрилди. Самарқанд, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини ташкил этишда ижобий тажриба тўпланди. Чунончи, Самарқанд шаҳридаги “Мир Саид Барака” маҳалласида коммунал тўловлар тўлашдан тушаётган маблағларнинг бир қисмини кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтириш тажрибаси қўлланмоқда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Сирдарё вилоятида маҳалла қўмиталари оқсоқолларининг кўрик-танловлари ўтказилди. Ижтимоий соҳага тааллуқли, коммунал хизматлар тўлови, уйларнинг атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ҳамда уйларни намунали сақлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда маҳалла қўмиталари билан хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ҳамкорлигини таъминлаш учун Тошкент шаҳар ҳокими томонидан махсус қарор қабул қилинди.

Шу билан бирга мажлис аҳли Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштиришга доир 2007–2008 йилларга мўлжалланган ҳаракат дастури Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри давлат ҳокимияти органлари томонидан ижро этилишида қийинчилик ва муаммолар ҳам борлигига эътибор қаратди. Шу муносабат билан сенаторлар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштиришга доир 2007–2008 йилларга мўлжалланган ҳаракат дастури ижроси юзасидан қабул қилинган тадбирлар режалари ўз вақтида бажарилишига йўналтирилган ташкилий ишларни кучайтириши муҳим эканлигига урғу бериб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини кучайтириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни долзарб мавзулардаги адабиётлар, шунингдек газета ва журналлар билан таъминлаш борасидаги собитқадам ишлари давом эттирилиши зарурлигини таъкидладилар. Мажлис иштирокчилари аҳоли ўртасида ўтказилаётган оммавий-сиёсий, маънавий-маърифий, маданий, спорт йўналишидаги ва бошқа тадбирларнинг самарадорлигини оширишга, аҳолининг мамлакат ижтимоий ва сиёсий ҳаётидаги иштироки кўламларини кенгайтиришга, фуқаролар йиғинларининг фаолияти оммавий ахборот воситаларида ёритилиши сифатини яхшилашга, уларнинг ижобий иш тажрибаларини умумлаштириш ва оммалаштиришга қаратилган аниқ таклифлар ҳам билдирдилар.

Сайёр мажлис якунлари асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини янада кучайтиришга, шунингдек    Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштиришга доир 2007–2008 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури бажарилишини таъминлашга қаратилган тегишли қарор қабул қилди.

Кенгаш мажлисида сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ташкилий-назорат гуруҳлари раҳбарлари, “Маҳалла” жамғармаси вилоят бўлинмалари раислари, номи юқорида зикр этилган Дастур ижроси учун масъул ташкилотларнинг раҳбарлари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари ва шаҳар фаоллари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

O`zbekiston Respublikasi
Oliy Majlisi Senatining
Matbuot xizmati
15.Ҳилола 2007. Press-reliz
Kengash/ 29.09
©2005 Oliy Majlis Senati - Designed by Abror