O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Ўзбекистон Республикасининг
Қ О Н У Н И


«ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИНИНГ РЕГЛАМЕНТИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИГА ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА

Қонунчилик палатаси томонидан 2013 йил 13 мартда қабул қилинган 
Сенат томонидан 2013 йил 28 мартда маъқулланган

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 29 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги 522–II-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, № 9–10, 136-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 4, 163-модда, № 7, 326-модда; 2008 йил, № 12, 637-модда; 2009 йил, № 4, 136-модда; 2011 йил, № 4, 101-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:
1) қуйидаги мазмундаги 81-модда билан тўлдирилсин:

«81-модда. Қонун лойиҳаларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишни ташкил этиш бўйича мувофиқлаштирувчи гуруҳ

Қонунчилик палатасининг Кенгаши ҳузурида Қонунчилик палатаси девони ходимлари орасидан уч кишидан иборат таркибда киритиладиган қонун лойиҳаларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишни ташкил этиш бўйича мувофиқлаштирувчи гуруҳ (бундан буён матнда Мувофиқлаштирувчи гуруҳ деб юритилади) тузилади.
Келиб тушган қонун лойиҳаларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини рўйхатдан ўтказиш, Қонунчилик палатаси Кенгаши аъзоларини улар ҳақида хабардор қилиш ва ушбу лойиҳаларни бундан кейин кузатиб бориш Мувофиқлаштирувчи гуруҳ зиммасига юклатилади.
Мувофиқлаштирувчи гуруҳ фаолиятини ташкил этиш тартиби Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан тасдиқланадиган низом билан белгиланади»;
2) 12-модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилингунига қадар қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти лойиҳа матнини ўзгартириш ёки ўзи киритган қонун лойиҳасини чақириб олиш ҳуқуқига эга. Киритилган қонун лойиҳаси, агар айни шу масала бўйича қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган бўлса, қайтариб юборилади»;
3) 13-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Қонунчилик палатаси Кенгаши Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг ахборотини эшитиб, қонун лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун масъул қўмитани (бундан буён матнда масъул қўмита деб юритилади) белгилайди, унга ва, бир вақтнинг ўзида, фракцияларга (депутатлар гуруҳларига) қонун лойиҳасини ҳамда унга илова қилинган материалларни топширади.
Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилиш мумкинлиги тўғрисида таклифлар ишлаб чиқиш учун қонун лойиҳаси устида ишлаш фракциялар (депутатлар гуруҳлари) ва масъул қўмита томонидан бир вақтнинг ўзида амалга оширилади. Бунда фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) қонун лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифларисиз масъул қўмита ушбу қонун лойиҳаси юзасидан ўз хулосасини чиқариш ҳуқуқига эга эмас.
Масъул қўмита қонун лойиҳаси бўйича барча фракциялардан (депутатлар гуруҳларидан) фикрлар ва таклифларни тўплаб, Қонунчилик палатаси Кенгашига қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилиш мумкинлиги тўғрисида белгиланган муддатда хулоса тақдим этади.
Қонунчилик палатаси Кенгаши масъул қўмитанинг хулосаси асосида, фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) фикрлари ва таклифларини ҳисобга олган ҳолда қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилиш ёки қабул қилмаслик тўғрисида қарор қабул қилади.
Қонун лойиҳаси белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган тақдирда, Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилинмайди.
Аниқланган камчиликлар бартараф этилганидан кейин қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун янгидан киритилиши мумкин. 
Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилинаётганда унинг Кенгаши қонун лойиҳасини палата мажлисида кўриб чиқишга тайёрлаш муддатини белгилаши шарт.
Кўриб чиқиш учун қабул қилинган қонун лойиҳаси унга илова қилинган материаллар билан Қонунчилик палатасининг қўмиталарига юборилади»;

4) 14-модданинг:
иккинчи ва учинчи қисмлари қуйидаги мазмундаги иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмлар билан алмаштирилсин:

«Фракциялар (депутатлар гуруҳлари) қонун лойиҳасини дастлабки тарзда муҳокама қилиш якунларига кўра масъул қўмитага ўз фикрлари ва таклифларини тақдим этади.
Масъул қўмита фракциялар (депутатлар гуруҳлари), манфаатдор ташкилотлар ҳамда экспертлар гуруҳларининг фикрлари ва таклифларини ҳисобга олган ҳолда қонун лойиҳасининг дастлабки тарздаги муҳокамасини ўтказади ва, агар Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан бошқа муддат белгиланган бўлмаса, қонун лойиҳаси олинган кундан эътиборан икки ой ичида унга: 
Қонунчилик палатаси Кенгашининг қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги қарори лойиҳасини;
масъул қўмитанинг мазкур қонун лойиҳасини қабул қилиш ёки рад этиш зарурлиги асосланган хулосасини;
фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) қонун лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифларини илова қилган ҳолда, Қонунчилик палатаси Кенгаши кўриб чиқиши учун тақдим этади.
Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси қўмиталарида муҳокама қилиш очиқ, қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти вакиллари таклиф этилган ҳолда ўтказилади»;
тўртинчи қисми бешинчи қисм деб ҳисоблансин;
5) 15-модданинг:
иккинчи қисми 
қуйидаги мазмундаги иккинчи ва учинчи қисмлар билан алмаштирилсин:
«Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси мажлисларида биринчи ўқишда кўриб чиқишда уни қабул қилиш зарурати, қонун лойиҳасининг концепцияси, унинг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига мувофиқлиги, шунингдек қонунни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар ҳамда молиялаштириш манбалари тўғрисидаги масала муҳокама қилинади. Бунда маърузачи биринчи ва кейинги ўқишларда фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) фикрлари ва таклифларини депутатларга етказиши шарт.
Фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) қонун лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифлари ҳисобга олиниши шарт»;
учинчи —  ўн биринчи қисмлари тегишинча тўртинчи  — ўн иккинчи қисмлар деб ҳисоблансин;
тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Қонунчилик палатаси муҳокама натижалари бўйича қонун лойиҳасини маромига етказиш ва кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун палатага киритиш муддатини мажбурий тартибда белгилаган ҳолда уни биринчи ўқишда қабул қилиш ёхуд қонун лойиҳасини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади»;
олтинчи ва еттинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Масъул қўмита қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида тушган фикрлар ва таклифларни умумлаштиради. Масъул қўмита томонидан асосли деб топилган таклифлар қонун лойиҳасининг матнига киритилади.
Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида масъул қўмита томонидан маъқулланган фикрлар ва таклифлар ҳам, маъқулланмаган фикрлар ва таклифлар ҳам муҳокама қилинади. Қонун лойиҳаси бўйича овоз бериш моддама-модда ўтказилади»;
ўн биринчи қисмидаги «учинчи» деган сўз «биринчи» деган сўз билан алмаштирилсин;
6) 19-модданинг:
учинчи, тўртинчи
 ва бешинчи қисмлари қуйидаги мазмундаги учинчи — саккизинчи қисмларбилан алмаштирилсин:
«Қонунчилик палатаси Кенгаши Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг ахборотини эшитиб, масъул қўмитани белгилайди, унга ва, бир вақтнинг ўзида, фракцияларга (депутатлар гуруҳларига) қарор лойиҳасини ҳамда унга илова қилинган материалларни топширади.
Масъул қўмита қарор лойиҳаси бўйича барча фракциялар (депутатлар гуруҳлари), манфаатдор ташкилотлар ҳамда экспертлар гуруҳларидан фикрлар ва таклифларни тўплаб, уни Қонунчилик палатаси мажлисида кўриб чиқиш мумкинлиги тўғрисида Қонунчилик палатаси Кенгашига хулоса тақдим этади.
Қонунчилик палатаси Кенгаши масъул қўмитанинг хулосаси асосида, фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) фикрлари ва таклифларини ҳисобга олган ҳолда қарор лойиҳасини Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартибига киритиш ёки киритмаслик тўғрисида қарор қабул қилади.
Қонунчилик палатаси мажлисида масъул қўмита вакилининг ахбороти эшитилиб, унда фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) қарор лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифлари депутатларга етказилиши шарт.
Фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) қарор лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифлари ҳисобга олиниши шарт.
Муҳокама натижаларига кўра депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан Қонунчилик палатасининг қарори қабул қилинади»;
олтинчи ва еттинчи қисмлари тегишинча тўққизинчи ва ўнинчи қисмлар деб ҳисоблансин;
7) 20-модданинг:
иккинчи, учинчи
 ва тўртинчи қисмлари қуйидаги мазмундаги иккинчи — олтинчи қисмларбилан алмаштирилсин:
«Давлат бюджети лойиҳаси дастлабки тарзда кўриб чиқиш ҳамда фикрлар ва таклифлар ишлаб чиқиш учун Қонунчилик палатаси Спикери томонидан масъул қўмитага, фракцияларга (депутатлар гуруҳларига) топширилади.
Масъул қўмита барча фракциялар (депутатлар гуруҳлари), манфаатдор ташкилотлар ҳамда экспертлар гуруҳларидан фикрлар ва таклифларни тўплаб, Давлат бюджети лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқишни ўтказади.
Давлат бюджети лойиҳасига доир материаллар Қонунчилик палатаси депутатларига олдиндан, мазкур лойиҳа Қонунчилик палатаси мажлисида кўриб чиқилгунига қадар юборилади.
Давлат бюджети лойиҳасини Қонунчилик палатасининг мажлисида муҳокама қилиш Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ёки унинг вазифасини бажарувчи шахснинг маърузаси билан бошланади, бу маърузадан сўнг масъул қўмитанинг вакили сўзга чиқади. Бунда масъул қўмитанинг вакили фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) Давлат бюджети лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифларини депутатларга етказиши шарт.
Фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) қарор лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифлари ҳисобга олиниши шарт»;
бешинчи — саккизинчи қисмлари тегишинча еттинчи — ўнинчи қисмлар деб ҳисоблансин;
8) 31-модданинг иккинчи қисми «масъул қўмитанинг хулосаси» деган сўзлардан кейин «фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) фикрлари ва таклифлари» деган сўзлар билан тўлдирилсин.

2-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                        И. КАРИМОВ

Тошкент шаҳри,
2013 йил 18 апрель
№ ЎРҚ—349

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati