2007 йил 14 ноябрь
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг доимий комиссиялари раислари учун махсус ўқув курси ўтказилди. Ушбу ўқув курси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2007 йил 26 январдаги Қарорида назарда тутилган, мамлакатимиз Президенти И.А.Каримов Олий Мажлис Сенатининг бешинчи ялпи мажлисида умумдавлат ва минтақавий манфаатлар мутаносиблигига эришиш учун Сенат билан вакиллик ҳокимияти маҳаллий органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш юзасидан билдирган танқидий мулоҳазаларни ва илгари сурган таклифларни амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар доирасида ташкил этилди.
Ўқув ва амалий машғулотларнинг мавзулари бир қатор маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятидаги ютуқларни ва муаммоларни олдиндан ўрганиб чиқиш асосида белгиланди. Ўқув курсининг асосий мақсади ҳамда вазифалари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши томонидан тасдиқланган Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг намунавий регламентини, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий низомни, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини ташкил этиш юзасидан тавсияларни рўёбга чиқариш борасида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комиссиялари раисларининг билимларини оширишдан, ушбу масала юзасидан тажриба алмашишдан, шунингдек халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашни янада такомиллаштириш учун тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат эди.
Ўқув режасига мувофиқ беш кун мобайнида тингловчилар билан Ўзбекистоннинг 16 йиллик мустақил тараққиёт йўлида қўлга киритилган ютуқларни, мамлакат хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб вазифаларини ҳамда Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини, «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг мазмуни ва аҳамиятини, маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари, улар таркибий тузилмалари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ҳамда вазифаларини ўрганиш, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва унинг қўмиталари билан ўзаро алоқасини яхшилаш бўйича машғулотлар ўтказилди.
Етакчи олимлар ва амалиётчилар билан интерактив машғулотлар ўтказиш ўрганилаётган масалаларни ҳар томонлама муҳокама қилишга, тажриба алмашишга ҳамда тегишли тавсиялар ишлаб чиқишга ёрдам берди. Хусусан, машғулотларда маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг давлат дастурларини амалга оширишда, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жойларда ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишдаги ролини кучайтиришда самарали иштирок этишини таъминлаш ушбу органлар аҳоли орасида ўтказаётган тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, шунингдек доимий комиссиялар, депутатлар фаолиятининг шакл ва усулларини яхшилаш, депутат сўровларини амалга ошириш юзасидан бир қатор тавсиялар баён этилди.
Ушбу ўқув курсининг қонуний якуни ўлароқ, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва унинг қўмиталари билан ўзаро ҳамкорлигини яхшилаш, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг намунавий регламентини, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий низомни, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини ташкил этиш юзасидан тавсияларни ва уларни амалга ошириш механизмини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор асосли таклифлар тайёрланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати