2007 йил 16 ноябрь
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.
Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлисини 2007 йил 30 ноябрь куни Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Сенатнинг ялпи мажлиси муҳокамасига Ўзбекистон Республикасининг 2008 йилги Давлат бюджетини ҳамда “Жамоат фондлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасига қўшимча киритиш ҳақида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 542-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги, “Ахборотлаштириш ва маълумотлар узатиш соҳасида қонунга хилоф ҳаракатлар содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, «Бюджет тизими тўғрисида»ги ҳамда «Давлат бюджетининг ғазна ижроси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Cаноат, газ таъминоти ва кон назорати соҳасидаги бошқарув такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Почта тўловлари хизматлари тўғрисидаги Битимга (Бухарест, 2004 йил 5 октябрь) қўшилиши ҳақида»ги, «Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш тартибини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Табиий монополиялар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларини киритиш мўлжалланмоқда.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинади.
Кенгаш Олий Мажлис юқори палатаси қўмиталари ҳамда Девонининг ўн иккинчи ялпи мажлисга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ишларини мувофиқлаштириб бориш вазифасини Олий Мажлис Сенатининг Раиси ўринбосари Ф.Муҳитдинова зиммасига юклади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати